Ҳақиқий навкар билсинким, у агар (қўл остида) ўз навкари бўлган такдирда ундан нимани талаб қилса, унинг беги ҳам ундан айнан шу нарсани кутади. Шундай бўлгач, ўзини бек хизматидан озод этилган деб ҳисобламасин. Яна шуни ҳам билиши керакки, агар беги унга аввалига иноят-марҳаматлар кўрсатсаю, охири иноятсизлигу илтифотсизлик қилса, у ҳолда айб ва нуқсонни бегидан эмас, ўзидан ахтарсин. Тўғри навкар ўз бегига ихлос қўйиб, холис хизмат қилиши керак. Қайси навкар бегига ихлос қўймай, кўнглида гина-кудурат сакдаса, ихлоссизлик ва адовати туфайли бахтсизликка дучор бўлади. Лекин ўз бегига ихлос қўйган навкарнинг бойлигию давлати ва ноз-неъматлари кундан-кун ортиб боради.
Бегига эътиқоди кучли навкар улким, унинг оғир-қаттиқ эътирозли сўзларидан ранжиб, кўнглида кек сақламайди. Бегидан танбеҳ эшитса, ўзини айбдор деб билади. Бундай навкар таъмину тарбияга лойикдир.
Қайси навкарнинг ҳиммати емак-ичмак, яхши кийинмаккагина боғланар экан, албатта, иш вақтида сусткашлик қилади.
Қайси навкар ўз хизмати, ҳақ-бурчини унутиб, иш вақтида (меҳнатдан) юз ўгирар экан, ундай навкардан юз ўгирмоқ лозим. Қайси навкар иш вақтида баҳона излаб, жангу жадал пайтида ижозат сўраб, қочишни мўлжалласа, бугунги ишни эртага қолдирса, Пўлод ва Темур Ўғлон бошимга иш тушганда ўзларини шу қабилда тутиб, мени ташлаб кетганлари каби, бунга ўхшаш навкарлар номларини ҳам тилга олишга муносиб эмасдирлар. Бундай одамларни парвардигори олам (ҳукмига) топшириш зарур.
Яна ҳақиқий подшоҳларга лозимдирки, қайси навкарни ўзлари улуғлаб (мартабасини) кўтарган бўлсалар, тезда уни хорлаб тубан туширмасинлар. Ўзлари кўтарган кишиларни пастта урмасинлар. Кимники билган ва таниган бўлсалар, уни унутмасинлар. Агар аҳён-аҳёнда унинг иззат-нафсига тегиб хўрлаган бўлсалар, эвазига илгаригидан икки баробар ортиқ иззатини оширсинлар ва ўша навкарни ўз ихлосию эътиқодига ҳавола қилсинлар. Агар у кўнглида гина-адоват сақласа, тез орада ўзи бахтсизликка учрайди. Бегининг кўнглида яхшилиги билан жой олган ҳар бир навкар куни келиб яхшилик кўриши аникдир.
Қайси бир навкар ўз ихтиёри биланми ёки ихтиёрсизми бегидан ажраб кетсаю, кейинроқ яна қайтиб келса, уни ҳурматласинлар, чунки у ажралиб кетганидан пушаймонлиги учун ҳам қайтиб келган.
Яна амр қилдимки, ғаним томонидан навкар бизга қарши қилич кўтарар экан, ўз юртининг туз ҳақини ҳалоллаган саналади. Агар шундай кишилардан биронтаси жанг пайтида қўлга тушса ёки ғаним томонидан умиди узилиб, бизга келиб хизмат қилишни истаса, уни азиз тутсинлар, мартабасини ошириб, содиқ одам деб ҳисобласинлар. Чунончи, Менгли Буға, ҳайдар Андхудий ва амир Абу Саъид–булар олти минг отлиқ аскар билан Балх дарёси[1] бўйида менга қарши жанг қилдилар. Кейинроқ, Туғлуқ Темурхондан ноумид бўлиб, менинг паноҳимга келганларида уларга иззат-икром кўрсатиб, ҳисори Шодмон, Андижон ва Туркистон вилоятларини уларга инъом қилдим.
Ва амр қилдимки, ҳар бир навкар ғаним наздида ҳурмат-эътиборга эга бўлиб қадрлансаю, бироқ жангу жадал пайтида ўз бегига хиёнат қилса, унинг душманига дўстлик кўрсатса, туз ҳақини, бек ҳурматини, навкарлик (бурчини) ва (ундан) кўрган ноз-неъматларини унутса, ўз бегининг душманига ён босиб, уни ўз бегидан устун қўйса, бундай кимсани хизматга йўлат масинлар. ҳаётнинг ўзи бундайларнинг қилмишига яраша жазосини беради.
Қайси бир навкар юриш вақтида ўз бегидан юз ўгириб, ундан ажралиб, (сизнинг) олдингизга хизмат истаб келса, ундай навкарга ишониб бўлмайди. Агар у маълум муддатдан кейин кўп хизмат қилиб фидокорлигини кўрсатса, у чоғда уни олиб қолса бўлади. Агар (бирон навкар) тинчлик вақтида сизга хизмат қилишни ихтиёр этса, уни қадрласинлар.
Агар вазирлардан ёки навкарлардан биронтаси (уруш кунларида) тадбиркорлик ишлатиб, душман билан алоқа боғлаб, унга ошнолик қилгандай ўз бегининг ишини битирса, ундай одамни энг ақлли дўстлардан ва хизматкорлардан деб ҳисоблаш зарур. Лекин бирор навкар ёв билан келишиб, ўз эгасига мунофиқлик қилса, бундай навкарни душман қаторида санаш лозим.
Агар навкарлардан бири қилич чопишиб, ғанимни синдирар экан, ғаразгўй одамларнинг унинг ҳақида айтган гапларига қулоқ солмасинлар. Унинг қилган хизматларини яширмасинлар, бир хизматини ўнга йўйсинлар, мартабасини оширсинлар, токи бошқа навкарлар буни кўриб жонбозлик қилишга рағбатлансинлар.
Сипоҳий фавжлардан ёки амирлардан қайси бири ёв билан келишиб, дўсту ошно бўлиб яшаш йўлидан бурилиб, ғанимлар сафига бирлашар экан, уларни юртдан чиқариб, ҳеч ердан ўрин бермасинлар. Бунга мисол, Кеш[2] лашкарининг саркардалари мендан юз ўгириб, амир ҳожи Барлос лашкарига қўшилдилар. Шундан кейин мен уларга ишонмай қўйдим.
Агар навкарни бирон мамлакатга ҳоким қилган бўлсалару, у бевафолигидан душман билан келишиб, юртни унга таслим қилса, ўлим жазосига маҳкум этсинлар. Мамлакатни қўл остида сакдаб қололган навкарни эса юқори мартабага кўтариб, ҳурматласинлар. Қайси бир амир уруш кунлари, аҳвол танг бўлган пайтда, жанг майдонида ихлос қадамини маҳкам қўйиб, дўст-ошнолик ҳақини сакдаган бўлса, уни ўз оға-инисидек кўрсинлар. Чунончи, Кеш амирлари ва лашкари мендан бутунлай юз ўгирганларида ва амир Жаку Барлосдан бошқа ҳеч кимса олдимда қолмаган бир пайтда, мен амир Жакуни ўз азиз оғамдай кўриб, давлатимнинг ишончли одами деб билдим. Уни амир ул-умаро этиб тайинлаб, Балх ва ҳисор мамлакатларини унга инъом қилдим.
Амир Темурнинг ақлий қобилиятлари ва қизиқишлари кўлами кишини айниқса ҳайратга солади. Унинг ҳумдорлиги битилган тарихларда тиббиёт, астрономия ва айниқса, араблар, форслар ва туркийлар тарихи соҳасидаги билимлари мадҳ этилади. У завқ билан олимларнинг мунозараларига киришиб, кўпинча ғолиб чиқарди... (В.Ф. Манс)