Буюрдимки, юриш вақтида ҳар бир улус ва туман амири ҳар чодирдан[1] бир отлиқ, ҳар икки олачукдан бир отлиқ, ҳар бир уйдан бир отлиқ аскар ажратиб, ўзлари билан бирга олиб кетсинлар. Улар қайси мамлакатга келиб тушсалар, оладиган улуфалари ўша ернинг суғориладиган майдони ва ўтлоғи ҳисобидан белгилансин. Улусларнинг амирларига ярғу[2] ва байроқлар берсинлар. Амирлар улуслар ва туманларнинг ҳол-қудратига яраша отлиқ аскар ҳозирлаб, юришга олиб келсинлар.
Қарамоғимдаги қирқ аймокдан ўн иккитасига–барлос, тархон, арғин, жалойир, тулкичи, дўлдай, мўғул, сулдуз, тўқай, қипчоқ, арлот, тоторга тамға берилсинким, булар менинг хос навкарларим бўлиб ҳисоблансинлар.
Барлос уруғидан (қуйидаги) тўрт кишини амир ул-умаро қилдим: Амир Худойдод, унга Бадахшон мамлакатини инъом этдим; амир Жаку, амир Ийгу Темур ва амир Сулаймоншоҳга ҳам биттадан чегара мамлакатини тортиқ қилдим. Барлос уруғидан яна юз кишини мингбоши қилдим. Амир Жалолиддин барлосни ўнинчи амир, амир Абу Саъидни тўққизинчи амир даражасига кўтардим.
Тархон улусидан амир Боязидни еттинчи амир даражасига тайинладим. Улардан йигирма кишини юзбоши қилдим.
Арғин улусидан Тош Хўжани саккизинчи амир қилдим. Булардан йигирма кишини мингбоши, юзбоши ва ўнбоши қилиб тайинладим.
Жалойир улусидан Туғ Темур ва Шер Баҳромни саккизинчи ва тўққизинчи амир этиб тайинладим. Булардан йигирма кишини юзбоши ва ўнбошиликка белгиладим.
Тулкичи улусидан Улжайту Апардийга амирлик мартабасини бердим.
Дўлдай улусидан Тобон баҳодир ва Сон баҳодирга амирлик мартабасини бердим.
Мўғул улусидан Темур Хожа Ўғлонни амирлик мартабасига етказдим.
Сулдуз улусидан Элчи баҳодирга амирлик мартабасини бердим.
Тўқай улусидан Али Дарвишни амир қилдим.
Қипчоқ улусидан Сари Буғага амирликни бердим.
Арлот улусидан амир Муаййидниким, синглим унинг никоҳида эди, амир ул-умаро этиб тайинладим. Салайчи баҳодирни ҳам амирликка кўтардим.
Тотор улусидан Қўнақхонга амирлик (мартабасини) бердим.
Тамғага етмаган йигирма саккиз аймоқ бошликдарига улус амирлигини бердим. Улар юриш ва жангу жадал пайтида тузукка биноан ўз улусидан отлиқ аскар тўплаб, ҳозир бўлсинлар.
[1] Матнда «хиргоҳдан».
[2] Ярғу–ясо ва йўсун (қонун) асосида чиқарилган ҳукм; бу ерда бирон ҳақ-ҳуқуқ берувчи расмий ҳужжат маъносида.
Саййидлар, олимлар, фақиҳлар ва билим эгалари, шунингдек, уйғур бахшиларию форс адиблари Соҳибқиронга сафарда ҳам, уйда ҳам узлуксиз мулозимликда бўлган эканлар. Фармонга мувофиқ улардан бир гуруҳи мунтазам (равишда) ул Ҳазратнинг юриш-туриши ва гап-сўзларида, мулк, миллат ва аркони давлат аҳволида нимаики гап бўлса, тўла-тўкис ёзиб борардилар. Бу ишда муболаға қилинмасин, деб алоҳида таъкидлаб буюрилган эди. Шу йўсинда туркий манзума ва форсий қисса, ҳар бири ул Ҳазратнинг юриш-туришидаги энг йирик (воқеаларни) қамраб олган назм ва наср қаламига олинган эди. (Шарафуддин Али Яздий)