Амир Темур Кўрагон тарих майдонида жавлон урган жаҳоншумул сиймолардан биридир. Биз унинг тарихига, фавқулодда шахсига, авлодлари фаолиятига қайта-қайта мурожаат қилаверамиз. Тарихга юз буриб, қайси йўллардан юрмайлик, қачон бўлмасин, қаерда бўлмасин, йўлимиз айланиб барибир ушбу мўътабар зот ҳузурига олиб келаверади. Ўзбекистан Республикаси Президенти Ислом Каримов 1996 йил 18 октябрда Темурийлар тарихи давлат музейининг очилиши маросимида сўзлаган оташин нутқида бундай деган эди: «Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак!» Бебаҳо сўзлар! Такрор таъкидлаш жоизки, Амир Темурни бизга қайтариб берган, бу борада ҳормай-толмай ҳакни қарор топтирган зот Президент Ислом Каримов бўлади. Ушбу улуғ хизматлари учун халқимиз ундан беҳад миннатдордир. Вақтлар келадики, авлодлар ҳали соҳибқирон Амир Темур ҳаётининг ҳар бир кунини, ҳар бир лаҳзасини битта ҳам қолдирмай чуқур ўрганиб чиқадилар. Бунга биров мажбур этмайди, балки бу кўнгил эҳтиёжи, ҳаёт заруратига айланади.
Соҳибқироннинг суронли даврини англаб етишда у ҳакда ёзилган ва ёзилаётган асарларнинг аҳамияти бениҳоя каттадир. Бу борада, айниқса, бевосита унинг номи билан боғлиқ, унинг ўзи қоғозга туширган “Тузуклар”- нинг бебаҳо манба эканлиги кундан ҳам равшан. Ушбу ёдгорлик Амир Темур шахсияти ва унинг даври ҳакида, давлат тузилиши ва салтанат юритиш хусусида, ўша давр оби ҳавоси, умуман одамлар аро муносабатлар тўғрисида кенг тасаввур бера оладиган ноёб дурдона асардир. Амир Темур салтанати, таъбир жойиз эса, Соҳибқироннинг ижоди эди, ана шу салтанат бобомизнинг машаққатли меҳнати билан бўй кўргизди, унинг қонунлари ҳаётий зарурат юзасидан дунёга келди, “Темур тузуклари” эса барчасининг ёрқин ифодаси сифатида пайдо бўлди. Ҳа, чиндан ҳам “Темур тузуклари” замон зарурати ва талаби билан яратилгандир. Буни албатта салтанат тузган, давлат бошқариш заҳматларини ўз бошидан кечириб, бу борада улкан тажрибалар орттирган, машҳур муаррих Низомиддин Шомий сўзи билан айтганда, “камолоту мартабаларга ўзининг етук саъй-ҳаракати ва жидду жаҳди билан эришган” Амир Темур сингари одамгина ёза олади, бу ҳакда китоб ёзиш шундай одамнинггина қўлидан келади. Бу ерда шубҳа бўлиши мумкин эмас. “Темур тузуклари”ни мутолаа қилганда, унинг муаллифи нечоғлик юксак маънавият соҳиби эканлигининг шоҳиди бўламиз.
Ушбу нодир асар муносабати билан тадқиқотлар олиб боришган олимларимизнинг билдирган ўринли мулоҳазаларини эътиборга олган ҳолда, асарнинг асл туркий нусхасини излаб топиш, кейинчалик кўчиришда котиблар томонидан киритилган “таҳрир”лардан тозалаш, “Темур тузуклари”, “Тузуки Темурий”, “Тузукоти Темурий”, “Малфузоти Темурий”, ”Қиссаи Темур”, “Темур қиссаси”, "Зафар йўли”, “Таржимаи ҳол” каби турлича номланиб келаётган нусхаларни бир-бирига муқояса этиб, асарнинг танқидий матнини яратиш темуршунослигимиз олдидаги долзарб масалалардан бири бўлиб қолмокда.
Амир Темурнинг тарихий асарлар ва уларнинг ёзилишига муносабати, ҳаққоний бўлишига талабчанлиги таҳсинларга лойиқдир. Бу катта билимга эга бўлган, донишманд ва зукко инсоннинг муносабатидир. Шу жиҳатларга назар қилганда кўз олдимизда донишманд, закий инсон, теран ҳаётий тажриба соҳиби бўлган, келажак авлодларни ўйлаган, она юрт, мулку миллат учун куйиб-ёнган заҳматкаш инсон сиймоси туради.
Маълумки, Амир Темур милодий 1401 йилнинг 11 августида Низомиддин Шомийни ўз ҳузурига чақиртиради. Тарихчи бу ҳакда шундай ёзади: “...Гарчи ул зот қилган ишларининг бу абадиятга улангур давлатнинг бошланишидан тортиб, то ҳозирги кунгача бўлган тарихини онҳазрат учун ёзган бўлсалар ҳам, аммо улар (улар, чамаси, анчагина бор, улар ичида “Тузуклар” ҳам бўлиши мумкин, лекин, афсуски, тарихчи ўзи фойдаланган асарлардан бирортасининг ҳам номини келтирмайди — М.А.) ҳали муносиб тарзда жамланиб, такдим этилмаган экан; бу банда уларни йиғиб, ортиқча сўзлардан тозалаб, боб-боб қилиб тартиб беришга машғул булғаймен, лекин шу шарт биланки, такаллуфу безак бериш, лоф уриш зийнатидан ўзимни тийгаймен...”[1]
Бу ерда Соҳибқироннинг ўзи ва салтанати борасида ёзилажак асарга муносабати, асар қандай ёзилиши ҳақида тасаввури жуда равшан, талаби эса юксак эканлиги аён бўлмокда. Яъни, Соҳибқирон давлати тарихи ёзилганда ортиқча такаллуфларга, лофу мактовларга ўрин бўлмаслиги керак... Ҳамма нарса фақат ҳаққоний ёзилсин... Шомий Соҳибқирон сўзларини қўллаб-қувватлаб: “Яхши ва равон сўз улдирким, авом халқ унинг маъносини англагай, хос кишилар унга айб қўймағай..” дейди. Соҳибкирон билан муаррихнинг фикрлари бир жойдан чиқади. Амир Темурнинг: “Мен ана шундоқ сўзни хоҳлаймен!”,[2] дея маъқуллаши бағоят ибратлидир.
Муаррихга, нима учун асар содда ёзилиши кераклигини тушунтирганда Соҳибқирон, унинг жимжимадорликдан ҳоли, содда бўлишини, чунки у кенг авом, халк учун битилишини, кўпчилик томонидан ўқилишини назарда тутади: “Шу услубда ёзилган, ташбиҳ ва муболағалар билан оро берилган китобларда кўзланган мақсадлар ўртада йўқолиб кетади, — дейди Амир Темур. — Агар сўз қоида-қонунидан насибадор бўлганлардан биронтаси маънисини фаҳмлаб қолса қолар, аммо қолган ўнтаси, балки юзтаси унинг мазмунини билишдан, мақсадга етишдан ожиз. Шу сабабли, унинг фойдаси барчага баробар бўлмайди...”[3] Бу сўзлар Амир Темурнинг умуман китоб аҳамиятини, илмни, тарихни қанчалар қадрига етишини, чуқур англашини кўрсатиб турибди.
Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома”си Соҳибқирон ва унинг давлати ҳақида бевосита Амир Темур топшириғи билан ёзилган қутлуғ икки китобнинг бири эди, биринчиси Ғиёсиддин Алининг “Ҳиндистон ғазавоти кундалиги” ҳисобланади. Ҳар икки китоб ҳам Амир Темурнинг назаридан ўтган ва маъқулланганлиги маълум. Ғиёсиддин Алининг ёзишича, ушбу биринчи китобнинг битилиши ҳакида Ҳумоюн ўрдудан махсус фармон чиққан бўлиб, унда тарих учун жаҳонгирнинг зафарли юришларидан айримлари таърифланиши, кейин Ҳиндистон юриши тасвирланиши лозимлиги айтилади. Ўшанда ҳам Ғиёсиддин Али олдига услубда баландпарвозликка берилмай, содда, ҳамма тушунадиган тилда ёзиш шарт қилиб қўйилади...[4]
“Сўз қоида-қонуни” ҳакида теран фикр юритган Амир Темур бевосита ўзи китоб ёзганда бунга катъий амал қилади ва шундай қатъият билан “Тузуклар” иншосига киришади. Шуни айтиш лозимки, асар узоқ йиллар давомида қоғозга туширилган, вақт ўтиши билан бошланган матнга қайтилган, қисқартирилган, тўлдирилган, яна давом этдирилгандай таассурот қолдиради кишида. Араб олими Мазҳар Шиҳобнинг қуйидаги: “Эсдаликлар ёзишни Амир Темур ҳокимиятга келишидан анча муддат олдин бошлаган..”[5] деган сўзларида жон бор кўринади.
Эҳтимол, Соҳибқирон ўзи ва салтанати тарихини, тўра- тузукларни коғозга туширишни бировга топширишни истамаган ёки бирон кишини шунга муносиб кўрмаган... Ўхшаш вазият кейинрок машҳур давлат арбоби ва муаррих Абулғозий Баҳодирхон билан ҳам юз берган эди, у миллат учун бағоят муҳим “Шажарайи турк” асарини ўзи ёзишга мажбур бўлган эди. Бу ҳакда Абулғозий асар сўзбошисида шундай сўзларни келтиради: ”Бу тарихни (яъни, “Шажарайи турк” назарда тутилмоқда — М.А.) бир кишига таклиф қилали теб фикр қилдук. Ҳеч муносиб киши топмадук. Зарур бўлди. Ул сабабдин ўзимиз айтдук. Туркнинг масали турур: “Ўксиз ўз киндигин ўзи кесар”, теган...”[6]
“Темур тузуклари” буюк бобомизнинг жасоратларидан бири эди. Муҳтарам зотнинг кўпдан кўп давлат ишлари тургани ҳолда, фурсат топиб, маданиятимизнинг кўрки бўладиган китоб ёзишдек бир заҳмату машаққатни ҳам ўз зиммасига олганлиги ҳайратланарликдир. “Ўзкиндигин ўзи кесган" Соҳибқирон китобини авлодлар учун ёзаётганини жуда яхши англайди. Бу бежиз эмас. Асрлар давомида асарнинг тиллардан тилларга таржима этилаётгани ва кенг тарқалаётгани, унинг устида турли тилларда тадқиқотлар олиб борилаётгани “Темур тузуклари ”нинг ҳаётий ва хаққоний оригинал асарлигини, ин- соният учун зарур эканлигини исбот қилиб турибди. Чунки Амир Темур яшаган давр, унинг қизғин фаолияти, мана салкам етти юз йил ўтаётирки, жаҳонда ҳеч кимни бефарк қолдирмайди, балки оҳанрабодай ўзига тортади, қизиқиш эса тобора кучайиб бормоқда.
Ҳаётий ҳикматларга тўла “Темур тузуклари”нинг ноёб маърифий обида эканлигидан ташқари, Амир Темур сиймоси, саъжияси, руҳияти, табиати, бир сўз билан айтсак, бой шахсияти ва инсонийлиги ҳақида берган таърифлари жуда муҳимдир. Амир Темур “Тузуклар”да адолатни ҳимоя қилгувчи, сўзи билан иши бир, олийжаноб, кечиримли, довюрак, кўркмас, зўр тадбирлар соҳиби, моҳир саркарда, улуғ раҳбар сифатида намоён бўлади.
У золимлардан мазлумлар ҳаққини олишда жонбозлик кўрсатади, чунки яхши билади: мамлакат куфр билан туриши мумкин, аммо зулмга чидай олмайди. Ҳокимлару сипоҳдан қай бирининг халкка жабр-зулм еткизганини эшитса, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўради. Яхшиларга яхшилик қилади, ёмонларни эса ўз ёмонликларига топширади... Давлат ишларининг тўққиз улушини кенгашга қўяди, фақкат бир улушинигина қиличга қолдиради. “...Ғаним томонидан бўлган навкар бизга қарши қилич кўтарган бўлса, ўз юртининг тузини ҳалоллаган бўлади,” — дейилади “Тузуклар”да. Амир Темур фикрича, ўз юртининг тузини ҳалоллаган навкар, у душман навкари бўлса ҳам, ҳурматга сазовор! Чунки, у ўз юртини ҳимоя қилди! Бирон навкар туз ҳақи ва вафодорликни унутиб, савашиш вақтида ўз соҳибидан юз ўгириб, Амир Темур этагини тутмоқчи бўлса, Соҳибқирон уни ўзига энг ёмон душман деб билади... Булар Соҳибқироннинг энг танг вазиятларда ҳам адолат ва инсофни биринчи ўринга қўйишига ёрқин мисоллардир.
Соҳибкирон очиқ юзлилик, раҳму шафқат билан халқни ўзига ром этишни яхши биларди. Хирожни раиятдан калтаклаш ва савалаш йўли билан эмас, балки огоҳлантириш, қўрқитиш, тушунтириш йўли билан ундиришни тайинларди. Ҳамиша раият аҳволидан огоҳ эди, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрарди. Софдил кишилар, саййидлар, олимлар ва фозилларга даргоҳи доим очиқ эди. Ҳамиша адолатга талпиниб яшар, жабру зулмдан узоқроқда бўлишга интиларди. Бирон кимсанинг ҳакки бўлса уни асло унутмасди. Ҳеч кимдан ўч олиш пайида бўлмасди. Кўнгли бузуқ, ҳимматсиз кимсаларни мажлисига асло йўлатмас, балки мажлисларида кейинини ўйлаб, олисни кўриб иш юритувчи, кекса ва тажрибали кишилар суҳбатидан баҳраманд бўларди... Чинакам дўст ҳақидаги қуйидаги сўзлар ҳам халқимиз ақл-идрокининг теранлигидан хабар беради: “Чин дўст улдирки, — дейди Амир Темур. — Дўстидан ҳеч қачон ранжимайди, агар ранжиса ҳам, узрини қабул қилади...”
“Темур тузуклари” ана шундай фалсафий умумлашмалар, ҳаётий ҳулосаларга бой қомусий асардир.
Тарихимизнинг дурдоналаридан бирини халқ орасида кенг тарғибу ташвиқ этишда жонбозлик кўрсатган олимларимизга миннатдорчилик билдириш ўринлидир. Мустамлакачилик йилларида академик И.Мўминов “Тузуклар”нинг Н.Остроумов нашри (1894) факсимилесини эълон қилдирди (1968), Алихонтура Соғуний ушбу нодир асарни она тилимизга таржима қилиб “Гулистон” журналида (1967) чоп этдирди. Бу “Темур тузуклари”- нинг шуролар даврида амалга оширилган биринчи таржимаси эди. Ушбу қадамлар Амир Темур номи қатағон қилинган даврлардаги чинакам жасорат намуналари сифатида қадрланишга лойиқдир.
Мустақиллик йилларида “Темур тузуклари”ни ўрганиш, нафақат аслиятда, балки бошқа тилларда ҳам чоп этишда жиддий ишлар олиб борган олимларимиздан бири академик Бўрибой Аҳмедов бўлди. У асарнинг 1991, 1996 йиллар нашрларига батафсил сўзбошилар ёзди, атрофлича изоҳлар илова қилди...
Асомиддин Ўринбоев, Ҳабибулла Кароматов, Ҳамидулла Кароматов, Ашраф Аҳмедов, Омонулла Бўриев, Ҳайдарбек Бобобеков, Ҳалим Бобоев, Аҳмаджон Қуронбеков сингари заҳматкаш олимларимиз ҳам илмий тадқиқотлар яратдилар ва таржималарини эълон қилдилар. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримкул Қодировнинг бу борадаги сермазмун мақола ва эсселари ўқувчиларда катта қизикиш уйғотмоқда...
Маълумки, “Темур тузуклари” икки мақоладан иборат. Биринчи мақола Соҳибқирон ҳаётининг энг эътиборли воқеаларидан ташкил топди, улар тарих ҳужжатларига айланганликлари билан қадрлидир. Қисқа, содда, тушунарли тилда иншо этилган воқеалар ўқувчиларнинг турли табақаларига бирдай англашиларлидир. Муҳими, бу воқеалар Ғиёсиддин Али, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий асарлари сингари ишончли манбалардаги воқеаларга мос келади. Иккинчи мақола эса давлат қонунларидан, яъни тузуклардан ташкил топди. Бу тузуклар салтанатнинг барпо бўлиш йўлида, ҳаётнинг ўзи келтириб чиқарган ҳаётбахш қонунлар мажмуаси эдики, улар бугунги кунда ҳам улкан аҳамиятга эгадир.
Биринчи мақола қуйидаги сўзлар билан якунланади: “Етти йиллик юришдан сўнг зафар ва нусрат билан Самарқандга қайтдим...” Бу сана милодий 1404 йилнинг куз ойларига тўғри келади. Демак, буюк обидамиз бўлган “Темур тузуклари”нинг ёзилганига олти юз йил тўлди. Бу маданиятимиз тарихида катта ҳодисадир.
Соҳибқирон қалами билан иншо этилган “Темур тузуклари” ёшлар қалбига бемисл ғypyp жойлаб, уларни чинакам инсон қилиб етиштиришда, қўрқмас ва довюрак, ақлли ва ватанпарвар сифатида тарбиялашда бебаҳо бир мактаб вазифасини адо этади.
Бу мактабда ҳали не-не авлодлар сабоқ олишларига асло шубҳа йўқ.
Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистан халқ ёзувчиси
2004 йил, ноябрь.
Тошкент.
Амир Темур санъатни юксак қадрлар эди. Унинг ўзи бадиий асарлар мажмуасига эга эди. Турли тоифадаги машшоқлар, сухандонлар, хайкалтарошлар. боғбонлар, рассомлар жаҳоннинг ҳар хил давлатларидан Амир Темур саройига тўпланган эдилар. (Хильда Хукхэм)