Амр қилдимки, агар ўғилларимдан қайси бирови салтанат мартабасига даъвогарлик қилиб бош кўтарар экан, уни ўлдиришга, қўлларини боғлашга ёки мучасидан бирон жойини камайтиришга ҳеч ким журъат қилмасин. Лекин ўз даъвосидан кечмагунча, уни асирликда сакдасинлар, токи Худонинг мулкида уруш чиқмасин. Агарда набиралар ёки қавм-қариндошлардан бири менга қарши кўтарилса, уни дарвишлик ҳолатига солсинлар1.
Салтанатим қўрғонлари бўлмиш амирлар, агар иш устида нифоққа борсалар, уларни мартабасидан туширсинлар ва ерлари тортиб олинсин. Агар давлатга зиён етказгудек иш қилсалар, улар бошқа амирларга тобеъ этилсинлар. Агар сипоҳийлик ишларида ялқовлик қилган бўлсалар, уларга ёзиш-чизиш билан шуғулланувчилар орасидан иш берилсин. Агар шундан кейин ҳам хатоликка йўл қўйиб, калтабинлик қилсалар, иккинчи бор хизматга олмасинлар.
Салтанат саройининг ишончли ва эътиборли кишилари бўлмиш вазирлар хусусида шундай буйруқ бердим: агар улар салтанат ишларида хиёнат этсалар ва салтанатни ағдаришга жазм қилган бўлсалар ҳам, уларни ўлдиришда шошилмасинлар. Авваламбор уларни айбловчи ва хабар етказгувчиларнинг кимлигини текшириб кўрсинлар. Қораловчилар даъволарининг рост-ёлғонлигини синчковлик билан синаб кўрсинлар. Чунки кўп ҳолларда ҳасадчилар билан ғийбатчилар ё кўролмай ёки тамагирлик билан ёлғон тўқиб, уни чиндай қилиб кўрсатадилар ва (чиркин) мақсадларига етишадилар. Талайгина пасткаш, разил одамлар борки, давлат душманларини яхшилаб, унинг жонфидойиларини ҳийлагарлик ва маккорлик билан хароб қиладилар, макру сотқинлик билан салтанат қўрғонига путур етказмоқ пайида бўладилар.
Чунончи, амир Ҳусайн менинг вазирларимдан бири билан тил бириктириб, унга бойлик ваъда қилган ҳолда давлатимнинг таянчларидан бўлмиш амир Ийгу Темур ва амир Жакуни менга қарши қайрашни буюрди. Унинг шум ниятидан огоҳ бўлдим, шунинг учун улар хусусида айтилган ҳамма гапларни эшитмаганга олдим.
Яна бир воқеа юз берганди. Яқинларимдан баъзилари ёлғиз қолганимизда ва одамлар олдида улуғ, эътиборли амирларимдан саналган амир Аббосга ҳасад қилиб, душманлик кўргизиб, унинг ҳақида бўлмағур гапларни айтдилар. Ёлғон сўзлари шамоли билан ғазабим ўтини алангалатдилар. Натижада гапларини текшириб кўрмасдан ғазаб устида амир Аббосни ўлимга маҳкум этдим. Охир-оқибатда уларнинг амир Аббос ҳақига хиёнат этганларини англадим ва қилган ишимдан ўкиниб, пушаймон бўлдим.
Мамлакат хазиначилари бўлмиш молия вазирлари молия ишларида хиёнат қилсалар ва (бойликнинг бир қисмини) ўзлаштириб олган бўлсалар, (текшириб кўрилсин). Агар ўзлаштириб олган маблағи ўзига тегишли ҳақ микдоридан ошмаса, мазкур маблағ унга инъом ўрнида қолдирилсин. Агар ўзлаштириб олган маблағи маошидан икки баробар ортиқ бўлса, ортиғи оладиган маоши ҳисобидан ушлаб қолинсин. Агар маошидан уч баробар кўп маблағ олган бўлса, ҳаммаси (салтанат хазинасига) тортиқ сифатида олинсин.
Яна ҳукм қилдимки, (вазирларни) ортиқча сийламасинлар, чунки алоҳида иззат-икром кўрсатиб, ўзларини обрўсизлантириб қўйишлари мумкин. Бу эса салтанатга зиён етишига сабаб бўлур.
Ғаразгўй, бузуқи ва ҳасадгўй одамларнинг вазирлар ҳақидаги уйдирмаларини эшитмасинлар, чунки бу табақадаги кишиларнинг душмани кўп бўлади, негаки, олам ахдининг барчаси дунёталабдир. Агар вазирлар бундай одамларнинг кўнглига қарасалар, давлатга хиёнат қилган бўлурлар; қарамасалар, (ундай одамлар) вазирларга душманлик қилурлар.
Чиғатойхоннинг[1] бир вазири бўлган экан. Ғаразгўйлар уни «хазинадан бир неча минг олтин ўғирлади», деб (хонга мактуб) ёзган эдилар. Мактубни хонга кўрсатганларида, у мазкур вазирни ҳузурига чақиртириб, унга «ғазаб» қилиб дебди: «Сен назари паст одам экансан. Мендек подшоҳнинг вазири бўлатуриб, хазинамдан атиги шунча ўзлаштирибсан, холос!» Доно вазир (хоннинг) бу қадар катта эҳсонидан мамнун бўлибди ва бор давлатининг барчасини келтириб хонга пешкаш қилибди. (Бу билан) хон олдида ўз мартабаси ва обрў-эътиборини сакдаб қолибди.
(Яна ҳукм қилдимки), қайси бир сипоҳий ҳаддидан ошиб, қўл остидаги кишига зулм ўтказар экан, уни тутиб, мазлум қўлига топширсинлар, токи унинг жазосини зулм кўрганлар берсин.
Қишлоқ оқсоқоли ва шаҳар улуғлари кичикроқ даражадаги одамга зулм қилсалар, ўша зулмга яраша, ҳар кимнинг кўтаришича жарима солсинлар. Агар даруғалар ва ҳокимлар халққа жабр-зулм этиб, уларни хароб қилган бўлсалар, ишларига лойиқ жазо берилсин. Бирор кимсанинг гуноҳи исботлангандан кейин ундан жарима олсалар, сўнг яна дарра билан урмасинлар. Агар дарра уриш билан жазоласалар, ундан жарима олмасинлар.
Ўғрилар хусусида буюрдимки, улар қаерда бўлмасин, тутиб олинса, ясо[2] бўйича жазолансин. Кимки бировнинг молини зўрлик билан тортиб олган бўлса, мазлумнинг молини золимдан қайтариб олиб, эгасига топширсинлар.
Агар кимда-ким тиш синдирса, кўзни кўр қилса, қулоқ ва бурун кесса, шароб ичса, зино ишлар қилса, девондаги шариат қозиси ёки ажрим чиқарувчи қозига олиб бориб топширсинлар. Шариатга оид ишларни ҳал этишда ислом қозиси ҳукм чиқарсин. Урф-одат ишларини эса ажрим қозиси тафтиш қилиб, сўнг менинг арзимга етказсин.
[1] Чиғатойхон–Чингизхоннинг иккинчи ўғли (1227–1241), Чиғатой улуси хони. Ушбу улусга ҳозирги Шарқий Туркистон, Қошғар, Или ва Еттисув воҳасидаги ерлар, шунингдек, Мовароуннаҳр кирган. Тармаширинхоннинг (1326–1334) 1327 йилдаги юришидан кейин ҳозирги Афғонистон ва шимоли-ғарбий ҳиндистон ерлари ҳам бу улусга кирган. (–А.А.)
[2] Ясо–турк-мўғул халқлари орасида амалда бўлган қонун-қоидалар; Чингизхон даврида жорий этилган.
Амир Темур кўп вақтни шатранж ўйини устида ўтказган. У ўз даврининг машҳур шатранжчилари билан бемалол беллаша олган. (Хильда Хукхэм)