Амр қилдимки, тўнғич ўғлим Муҳаммад Жаҳонгир валиаҳдимдир; у вилоят ҳокими бўлиб, ўн икки минг отлиқ аскар ва уларнинг улуфасини олсин.
Иккинчи ўғлим–Умаршайх ўн минг отлиқ аскар ва уларнинг улуфасини олсин. У бир вилоятни олсин.
Учинчи ўғлим–Мироншоҳ тўққиз минг отлиқ аскарга улуфа олиб, бир вилоятни бошқарсин.
Тўртинчи ўғлим–Шоҳрух етти минг отлиқ аскарга улуфа олиб, бир вилоятга эга бўлсин.
Набиралар эса ҳар қайсиси, истеъдодига яраша, уч мингдан етти минг отлиққача улуфа олиб, бир вилоятга эгалик қилсин.
Ва яна менга қавм-қариндошлиги бор кишиларга, ўз ҳолига қараб, қобилиятига яраша, биринчи даражали амир мартабасидан тортиб то еттинчи даражали амир мартабасигача бўлган амирлик ва ҳукмдорлик (мансаблари) берилсин. Уларнинг ҳар бири ўз мартабасига яраша иш тутиб, ҳаддидан ошмасин. Бунга хилоф равишда иш тутганлар жавобгарликка тортилсин.
Деярли бартараф этиб бўлмайдиган икки ғов, бизнинг таассуб ва тарихнинг янглишилиги - бизнинг Амир Темурни билишимизга ва баҳолашимизга монелик қилди. Бироқ кўпгина муаллифларнинг ўз салномаларида уни сохта баён этганликлари муҳим эмас, ахир унинг номи миллатлар воқеаномаларида ўчмас ёзувларда қайд этилмаганми?! Ахир, авлодлари фойдаланиб келган зафарлари унинг буюк заковатини исботлаш учун етарли эмасми? (Луи-Матьё Ланглэ)