Буюрдимки, юриш вақтида оддий аскарлардан ҳар ўн саккиз киши ўзи билан бирга бир чодир олсин, ҳар бир аскар икки от, бир камон, бир садоқ (ўкдон), бир қилич, арра, бигиз, бир қоп, жуволдиз, теша, болта, ўнта игна ва (орқага осиладиган) чарм халта олсин.
Баҳодирлардан ҳар беш киши бир чодир олсин. Ҳар бири битта жавшан[1], дубулға, бир қилич, садоқ, ёй ва тузукка мувофиқ от олсин.
Ўнбошилардан ҳар бири ўзи билан бирга бир чодир, совут[2], қилич, садоқ, ўқ-ёй ва бешта от олсин.
Юзбошилардан ҳар бири бир чодир, ўнта от, қурол-аслаҳадан: қилич, садоқ, ўқ-ёй, гурзи, чўқмор, коскан[3], зириҳ, багтар[4] олсин.
Мингбошилардан ҳар бири ўзи билан бирга битта чодир, бир соябон, қурол-аслаҳадан жавшан, дубулга, найза, қилич, садоқ ва ўқ-ёйдан кўтарганича олсин.
Биринчи амир бир чодир, бир ўтов, бир жуфт соябон, қурол-аслаҳадан шу микдорда олсинларки, қўл остидагиларга ҳам бергудек бўлсин. Шунга ўхшаш иккинчи, учинчи, тўртинчи амирдан тортиб то амир ул-умарогача ҳар қайсилари, ўз мартабаларига яраша, чодирдан, ўтовдан, отлардан бошлаб, то бошқа ҳарбий анжомларгача саранжом-саришта қилиб қўйсинлар. Биринчи амир бир юз ўн от, иккинчи амир бир юз йигирма, учинчи амир бир юз ўттиз, тўртинчи амир бир юз қирқ от, амир ул-умарога етгунча тартиб шундай бўлсин. У эса ўзи билан бирга уч юздан кам от олмасин.
Пиёдалар бўлса ҳар бири ўзи билан бирга бир қилич, бир камон ва кўтарганича ўқ-ёйдан олсинлар. Бироқ жанг пайтида тузукларда кўрсатилганидан кам бўлмасин.
Амир Темурнинг ақлий қобилиятлари ва қизиқишлари кўлами кишини айниқса ҳайратга солади. Унинг ҳумдорлиги битилган тарихларда тиббиёт, астрономия ва айниқса, араблар, форслар ва туркийлар тарихи соҳасидаги билимлари мадҳ этилади. У завқ билан олимларнинг мунозараларига киришиб, кўпинча ғолиб чиқарди... (В.Ф. Манс)