Амр қилдимки, қачонки асл сипоҳийлардан иш кўрган, жангу жадал билан суяги қотган ўн киши йиғилса, булардан қайси бирининг шижоати, ботирлиги ортиқроқ бўлса, қолган тўққизтаси ўз розилиги ва маъқуллаши билан, уни ўзларига сардор қилиб, отини ўнбоши деб атасинлар.
Ўн нафар ўнбоши жам бўлса, ўз ичларидан энг иш кўрган, жанг майдонларида тобланиб, тажриба орттирган, баҳодирликда номи чиққан бировини амир қилиб, уни юзбоши деб номласинлар.
Агар ўн юзбоши йиғилса, амирзодалардан ақлли, шижоатли, баҳодир бир кишини амир этиб сайлаб, уни мингбоши десинлар ва амири ҳазора дея мурожаат қилсинлар.
Агар қарамларидаги бирон кимса ўлса ёки қочиб кетса, ўрнига янги кишини тайинлаш ўнбошиларнинг ихтиёрида бўлсин. Шунга ўхшаш юзбошилар ўнбошиларни, мингбошилар юзбошиларни тайин қилсин. Булардан ўлган, қочган, янги тайинланганлар бўлса, сабабларини айтиб, менинг арзимга етказсинлар.
Яна буюрдимки, уруш кунларида ва салтанат ишларини бошқаришда мингбошининг ҳукми юзбошига, юзбошиники ўнбошига, ўнбошиники (эса) қўл остидагиларга жорий этилади. Агар бу тузукка қаршилик қилсалар жазога тортилсинлар. Агар уруш ишларида ким камчиликка йўл қўяр экан, уни четлатиб, ўрнига бошқани қўйсинлар.
Амир Темурнинг ақлий қобилиятлари ва қизиқишлари кўлами кишини айниқса ҳайратга солади. Унинг ҳумдорлиги битилган тарихларда тиббиёт, астрономия ва айниқса, араблар, форслар ва туркийлар тарихи соҳасидаги билимлари мадҳ этилади. У завқ билан олимларнинг мунозараларига киришиб, кўпинча ғолиб чиқарди... (В.Ф. Манс)