Ўз тажрибамда кўриб билдимки, давлат агар дину тартиб асосида қурилмас, тўра-тузукка[1] боғланмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва тартиби йўқолади. Бундай салтанат яланғоч одамга ўхшайдирким, кўрган ҳар кимса (ундан) нигоҳини олиб қочади. Ёхуд ҳар хил қаланғи-қасанғи одамлар тап тортмай кириб чиқадиган томсиз, эшиги-тўсиғи йўқ уйга ўхшайди.
Шунинг учун ҳам мен салтанатим биносини ислом дини, тўра ва тузук асосида мустаҳкамладим. Салтанатни бошқаришимда учраган ҳар қандай воқеа ва ишни тўра ва тузук асосида адо этдим.
Дилимнинг машриқидан кўтарилган биринчи тузук шундан иборат бўлдики, ислом динини ёйиб, Муҳаммад, унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, шариатини қувватладим. Жаҳоннинг турли мамлакатлари, катта-кичик шаҳарларида ислом динини ва одамларнинг энг хайрлиси (ҳазрати Муҳаммад пайғамбар)нинг тўғри йўлларини тарғиб этдим. Ўз салтанатимни шариат билан безадим.
Равшан динга ривож беришда қўллаган биринчи тузуким шу бўлдики, саййидлар орасидан лаёқатли биттасини аҳли исломга бошлиқ–садр этиб тайинладим. Тамом вақфларни[2] бошқариш ва назорат қилиш учун мутавалли танлашни, ҳар бир шаҳар ва вилоятда қози, муфтий, муҳтасиб тайинлашни унинг ўзига ҳавола қилдим. У саййидлар, уламо, шайхлар ва бошқа арбобларга суюрғол[3] белгилаб, ҳар бирининг вазифасини тайин қилсин, дедим.
Лашкар учун махсус қози ва раият учун алоҳида қози тайинладим; ҳар мамлакатга шайхулислом юбордимки, токи мусулмонларни гуноҳ ишлардан қайтариб, уларни яхши ва савоб ишларга ундасин. Ноибларимга ҳар бир шаҳарда масжидлар, мадрасалар, хонақохдар қуришни, йўловчи мусофирлар учун йўл устига работлар солишни, дарёлар устига кўприклар қуришни буюрдим.
Мусулмонларга диний масалалардан таълим бериб, шариат ақидалари, ислом дини илмлари, тафсир, ҳадис, фиқхдан дарс берсинлар деб, ҳар бир шаҳарга олимлар ва мударрислар тайин қилдим.
Турли мамлакатлардаги садрлар ва қозиларга шариатнинг асосий талаблари қандай бажарилаётганлиги хусусида менга хабар қилиб туришларини буюрдим. Шунга ўхшаш ҳар эл ва ҳар шаҳарда сипоҳ ва раият орасида урф-одатларга оид жанжалли ишлар ҳақида менга маълумот бериб турсин, деб адолат амирини тайинладим.
Шу тариқа ислом динини ривожлантириб, шариатни мусулмон мамлакатларига ёйдим. Ислом динини ёйиб, унга равнақ берганим ҳақидаги овоза каттаю кичик аҳли мўминнинг қулоғига етгандан кейин, ислом олимлари: «Тангри таоло ҳар юз йилда Муҳаммад, унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, динига ривож бериш учун бир кишини ислом динининг ёйувчиси ва ривож бергувчиси сифатида ихтиёр этади. Бу саккизинчи юз йилликда[4] Амир соҳибқирон[5] ислом динини жаҳон аҳлига тарқатди. Шунинг учун бу юз йилликда Муҳаммад динига ривож бергувчи зот шу киши бўлғай», деб фатво бердилар.
Замон уламосининг улуғи бўлмиш Мир Саййид Шариф[6] бу хусусда менга мактуб йўллаб, унда илгариги ва кейинги авлод ислом олимларининг барчаси бир оғиздан иттифоқ бўлиб, Оллоҳи таоло, ҳазрати рисолатпаноҳ Муҳаммад пайғамбаримиз, унга Тангрининг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, динига ривож берувчи сифатида ҳар юз йилда бир кишини ихтиёр этади, деб ёзибдурлар. Саккизинчи юз йилликнинг бошида Амир Соҳибқирон дини мубинни ривожлантирди ва ҳар томонга ёйди. Дини ислом оламнинг турли ўлкалари ва шаҳарларида равнақ топди. Ҳакди равишда (бу асрда) диннинг тарқатувчиси Амир Соҳибқирон эканлиги тасдиқланди. Ушбу мактубнинг нусхаси будир:
«Ё, Оллоҳ! Кимки Муҳаммад динини қўллаб-қувватласа, Сен ҳам уни қўллагил, кимки Муҳаммад динини хор қилса, Сен ҳам унинг ўзини хор қилғил.
Рисолатпаноҳ пайғамбаримиз ҳижрат этганларидан то шу кунгача саккиз юз йилдан ошди. Ҳар юз йил бошида Оллоҳи таоло ва тақаддус ўз элчиси ҳамда ҳабиби Муҳаммад динини унинг умматига тарқатувчи ва ривож бергувчини ихтиёр қилади. Оллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, саккизинчи юз йиллик бошида Оллоҳи таоло Амир Соҳибқиронни ислом динининг ёйувчиси ва ривожлантирувчиси сифатида ихтиёр этди ва у турли ўлкалар ҳамда мамлакатларда халққа Муҳаммад динини қабул кдлдирди. Илк ислом олимлари динни ёйувчилар ва ривожлантирувчилар аҳволини ўрганиб, ўз китобларида бу ҳакда маълумот берганлар. Бу ривож берувчилар қуйидагилардир:
Ҳижратдан кейинги биринчи юз йилликда динга ривож берувчи киши Умар ибн Абдулазиз[7] эди. У хорижийлар[8] минбардан туриб, ҳазрати Алига таъна қилишиб, лаънатлар ёғдиришиб, ислом динини заифлаштирганда, бу (низони) бартараф қилди. Ўша вақтда ислом ахди иттифоқи бузилиб, ўртада кинаю адоват пайдо бўлган эди. Бир тоифа одамлар тўғри йўлдан борган халифаларни лаънатлаб, уларга таънаю дашном ёғдирдилар; бошқа бирлари эса мўминлар амири ҳазрати Алини, имом Ҳусайн[9] ва ҳазрати Аббосни[10] лаънатлар эдилар. Бу икки гуруҳ ҳам ўзаро адоватда бўлиб, ўта мутаассиб эдилар. Умар ибн Абдулазиз бу низоларни бартараф қилиб, ислом динига ривож берди.
Иккинчи юз йилликнинг бошида келган динга ривож берувчи халифа Маъмун ибн Хорун ар-Рашид[11] эди. У ислом динида пайдо бўлган етмиш икки турли ботил[12] мазҳабларни йўқотиб, ҳақ мазҳаби–ахди суннат ва жамоатни ривожлантирди. Али ибн Мусо Жаъфарни[13], ундан Оллоҳ рози бўлсин, Хуросондан олиб келиб, уни ўзига валиаҳд деб эълон қилди. Унинг изни ва маслаҳати билан мамлакатда ҳукмронлик қилди.
Учинчи юз йиллик бошида дини Муҳаммадийга ривож бериб равнаққа етказган халифа Муқтадир Биллоҳ Аббосий[14] эди. Абу Тоҳир бошчилигидаги қарматлар[15] Маккаи муаззамани босиб олиб, арафа куни ҳажга борганлардан ўттиз мингтасининг жонига қасд қилдилар ва уларни шаҳид этдилар. Муқаддас қора тошни[16] Каъба деворидан суғуриб олдилар. Ислом мамлакатларини вайрон этиб, (халқни) қатлиом ва талон-торож қилдилар. Шу сабабдан ислом дини заифлашиб қолди. Муқтадир Биллоҳ бу қавм устига лашкар тортиб, уларни улоқтириб ташлади (ва фитнани бостирди). Бу билан ислом дини ва шариатига ривож берди.
Тўртинчи юз йилликнинг бошида дини Муҳаммадийни ривожлантирган киши Иззуддавла Дайламий[17] эди. Шу даврнинг халифаси аббосий Мутиъ Амриллоҳ[18] (ҳукмронлиги вақтида бўлган) кину адоватлар ҳамда унга тобеъ кишиларнинг зулми оқибатида дини ислом заифлашган ва ислом мамлакатларида турли-туман фисқ-фасод кўпайган эди. Иззуддавла бу халифани тахтдан йиқитиб, ўрнига ўғли Ат-тоиъ Биллоҳни[19] валиаҳд қилди. Иззуддавла шахсан ўзи бу динни тарқатиш ва тозалашда, бидъатни йўқотишда, ношарий ишларни бартараф этишда, жабр-зулмни тугатишда мутасадди бўлди. Муҳаммад динига ривож берди.
Бешинчи юз йиллик бошида дину шариатни ривожлантирган одам Султон Санжар ибн султон Маликшоҳ[20] эди. Шайх Аҳмад Жом[21] ва ҳаким Саноий[22] унинг замондошлари бўлиб, султон уларнинг муриди эди. Бу даврда динсизлар ва жоҳиллар ислом динини заифлаштирдилар. Султон Санжар динсизларни йўқотиб, ислом динини ривожлантиришга киришди. Муҳаммад динига итоат ва тобеликда шундай даражага эришдики, шариатга хилоф бўлган ҳеч бир иш қилмади.
Олтинчи юз йилликнинг бошида динга ривож бергувчи қозонхон ибн Арғунхон ибн Ҳулогухон[23] эди. Ислом дини туркистонлик кофирларнинг[24] истилоси натижасида заифлашган эди. Оллоҳи таоло дин ривожи учун қозонхонни юз минг аскари билан оёққа турғизди. (Тангри таолонинг иродаси билан унга топширилган) юз минг аскар Лор саҳросида шайх Иброҳим ҳамавий[25] раҳнамолигида Оллоҳга иймон келтириб, мусулмон бўлдилар. Тилларини: «Оллохдан бошқа худо йўқ, Муҳаммад Оллоҳнинг (ердаги) элчисидир», деган иймон калимасига очдилар ва куфр-бидъат ишларини ташладилар. Мамлакатда ва шаҳарларда шариатга ривож бердилар.
Еттинчи юз йилликнинг бошида келган Улжайту Султон[26] ибн Арғунхон, лақаби Султон Муҳаммад Худобанда эди. Мазкур санада[27] оғаси ғозонхондан сўнг салтанат тахтига ўтирди. (Бир куни) унинг қулоғига «Дини Муҳаммадий шу қадар бўшашганки, намоз вақтида мусулмонлар ташахдуддан[28] сўнг Муҳаммадга, унинг авлодига салавот айтмай қўйибдилар», деган гап етказилди. У ўрнидан туриб Султония[29] жоме масжидига борди ва у ерга ислом уламоси ҳозир бўлишини буюрди. Сўнгра султон улардан: «Намоз вақтида Муҳаммадга ва унинг наслу авлодига салавот айтишнинг нима фазилатлари бор?», – деб сўради. Улар бир овоздан: «Худойи таоло ҳукмига кўра, намозда Муҳаммад ва унинг авлодига салавот айтиш лозимдир», –деб жавоб бердилар. Ўша пайт бир гуруҳ уламо: «Имом Шофиъий[30], Муҳаммадга ва унинг авлодига салавот айтмасдан ўқилган намоз бузилган хисобланади, деб айтганлар», –деб ўз фикрини билдирди. Яна бир гуруҳи айтдиларким: «Имоми Аъзам[31] демишдирки, Муҳаммадга ва унинг авлодига салавот айтилмай ўқилган намоз макрухдир[32]».
Шунда султон уламодан сўради: «Нега салавот айтганда пайғамбаримизнинг наслу авлодидан бўлган ҳар бир кишининг исми (алоҳида) зикр этилмайдию, (фақат) хотам ул-анбиё бўлмиш пайғамбаримизга салавот айтгандагина «ва унинг авлоди...» деб қўшадилар?». Бутун уламо бу саволга жавоб беришга ожизлик қилиб, ўйланиб қолишди. Шунда султон айтди: «Бу саволга жавоб беришда хотиримга икки далил келади. Биринчиси шулки, душманлар пайғамбаримиз Муҳаммадни ўғилсиз (абтар) деб атадилар. Тангри таоло наслсизликни уларнинг ўзига раво кўрди. Дунёдан насллари узилди. Агар насл қолган бўлса ҳам ном-нишонсиз бўлиб, уларнинг номини бирор киши тилга олмайди. Аммо пайғамбаримиз оиласининг зурриётлари сони шу қадар ўсдики, уларнинг ҳисобини Оллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. (Шунинг учун) пайғамбаримизга, унга Оллоҳнинг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, салавот айтгандан кейин уларга ҳам (Оллохдан) яхшилик тилайдилар. Иккинчиси шулки, ўтган барча пайғамбарларнинг динлари, қилган ишлари ё йўқоларди ёки ўзгарарди. Улар динининг аҳкомлари доимий эмас эди. Аммо ҳазрати Муҳаммад, унга Оллоҳнинг марҳаматлари ва саломлари бўлсин, дини ўзгаришдан омон бўлиб, қиёматгача шу йўлда сақланур. Шундай бўлгач, онҳазрат (пайғамбар)нинг умматлари салавот айтиш вақтида, унинг муборак номини зикр этган пайтда, унинг авлодини ҳам эслашлари лозимдир. Умматларга маълум бўлсинким, Муҳаммад динининг ҳомийлари, Куръони каримни шархдовчилар, мақтовга лойиқ шариат илмининг ҳофизлари, пайғамбарлик илмининг ворислари айнан шу кишилардир. Мусулмон динининг илмлари ва исломнинг фарзу вожибларини улардан ўргансинлар, уларга эргашиб, ҳурмат қилишни бурчларидан бири деб билсинлар», –деди.
Султон шу сўзларни айтгани ҳамоно, масжидга тўпланган уламо ва одамлар бирданига гулдиратиб, пайғамбарга ва унинг авлодига салавот ўқидилар. Шунда султон айтди: «Муҳаммад авлодидан биринчиси–ҳазрати Али, сўнггиси–имом Муҳаммад Маҳдий охирзамондир. Шундай бўлгач, пайғамбаримиз авлодининг изни ва рухсатисиз унинг мулкини ўз тасарруфимизга киритмаслигимиз зарур, акс ҳолда босқинчилик қилган бўламиз».
Султоннинг бу сўзлари хосу оммнинг қулоғига эшитилгач, барча уламо унинг айтганларини қабул этди. Гаплари инобатга олинганидан сўнг, султон амр қилди: «ҳақиқат шул эркан, аҳли байт[33] номига хутба ўқиб, уларнинг номи зарбланган пуллар чиқариш лозим». Бу гапларни эшитган, кўрган уламо унинг фикрини тасдикдаб, Оллоҳга иймон келтирдилар ва «Улжайту Султон дину шариатга ривож берувчи», деб фатво ёзди-лар.
Саккизинчи юз йилликда чиққан зот динни ривожлантириб равнаққа етказувчи Амир Соҳибқирондирки, оламнинг турли мамлакатлари ва шаҳарларида дину шариатни ривожлантирди; саййидлар ва уламони иззату икром қилди. Пайғамбар хонадони зурриётларининг изни ва рухсати билан унинг мулкини ўз тасарруфига киритди...»
Мир Саййид Шариф ёзган ушбу мактуб менга етгач, Тангри таолога шукр айтиб, Муҳаммад ва унинг хонадонига илтижо қилиб, Тангри таолога ёлвордим: «Менга дину шариатни ёйиш ва унга ривож беришда куч-қувват ато этгил!» Сўнг бу мактубни олиб, пиримнинг ҳузурларига юбордим. (Ул зот) мактуб ҳошиясига мана бу сўзларни ёзиб менга қайтардилар: «Дину шариатга ривож берувчи (Амир) Темур Соҳибқиронга, Оллоҳ уни қўлласин, маълум бўлсинким, бу иш ул қутби салтанатга Оллоҳи таоло тарафидан берилган жуда катта эҳсон ва буюк ёрдамдир. Динни ёйиш, шариатга ривож беришдек улкан ишда Тангри таоло сенга ёрдам бағишламиш. (Садоқату ихлосинг ва яхши ишларингни) қанча кўпайтирсанг, Оллоҳ ҳам сенга (иноят ва карамини) шунча оширгай».
Пиримга юборган ушбу мактуб, унинг хати билан зийнатланиб менга қайтгач, саййидлар ва уламони иззату икром этишни бажо келтириб, шариат ривожи учун илгаригидан ҳам кўпроқ саъй-ҳаракат қилдим. Бу мактубни (бошимдан кечмиш) воқеалар дафтарига[34] ёзишларини буюрдим.
[1] Тўра–бу ерда: тартиб, қоида ёки қонун маъносида (–А.А.)
[2] Вақф–подшоҳ ва бой-бадавлат кишилар тарафидан масжидлар, хонақоҳлар, мозорларга ёки айрим йирик дину тариқат арбобларига, уларнинг маоши учун берилган ер-сув, мол-мулк.
[3] Суюрғол–инъом, совға (ер, мол-мулк).
[4] Саккизинчи юз йиллик–ҳижрий ҳисоб; милодий XIV аср.
[5] Соҳибқирон–Амир Темурга замондошлари томонидан унинг толеига қараб берилган ном. Муштарий ва Миррихнинг бир-бирига яқинлашган ҳолати «қирон буржи» деб аталади, Амир Темур Муштарий (Юпитер) ва Миррих (Марс)нинг бир-бири билан яқинлашган фурсатларда туғилган, деб ҳисобланади. Эътиқодга кўра, бундай бола келажакда тож-тахт ва бахт-саодат эгаси бўлади.
[6] Мир Саййид Шариф Журжоний (1330–1414) – Журжонлик машҳур файласуф олим. 1387 йили Амир Темур уни Самарқандга олиб келган ва у Соҳибқирон томонидан қурилган «Дорушшифо» мадрасасида дарс берган.
[7] Умар ибн Абдулазиз (712–720)–Умавия сулоласи (661–750)га мансуб саккизинчи халифа. Форсча матнда «мураввиж», «мужаддидин» истилоҳлари келтирилган
[8] Хорижийлар–(араб. «ажралиб чиққанлар»; исёнчилар)–VII асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган исломдаги ғоявий-сиёсий оқим.
[9] Имом Ҳусайн–халифа Али ибн Абу Толибнинг кичик ўғли (626–680). Куфада халифа Язид (680–683) аскарлари билан бўлган урушда 680 йил 10 октябрь куни ўлдирилган.
[10] Ҳазрати Аббос–Муҳаммад пайғамбарнинг амакиси ал-Аббос ибн Абдулмутталиб. (–А.А.)
[11] Маъмун ибн Хорун ар-Рашид (813–833)–машҳур халифа Хорун ар-Рашид (786–809)нинг ўғли ва тахт вориси, Аббосийлар сулоласидан еттинчи халифа.
[12] Ботил–бекор қилинган, бузуқ, ёлғон.
[13] Али ибн Мусо Жаъфар (765 ёки 770–818)–Муҳаммад пайғамбар авлоди.
[14] Муқтадир Биллоҳ Аббосий (908–932)–Аббосийлар хонадонига мансуб ўн тўққизинчи халифа.
[15] Қарматлар–исмоилийлар мазҳаби шохобчаларидан бирининг тарафдорлари, IX асрда Ироқнинг жанубида пайдо бўлган.
[16] Матнда «ал-ҳажар ал-асвад».
[17] Иззуддавла Дайламий–Бувайхийлар сулоласидан (932–1062) чиққан ва Ироқда 967–978 йиллари ҳукмронлик қилган подшоҳ.
[18] Мутиъ Амриллоҳ (946–974)–Аббосий халифалардан бири.
[19] Ат-тоиь Биллоҳ (946–991)–Аббосий халифалардан.
[20] Султон Санжар ибн султон Маликшоҳ (1118–1157)–1038–1194 йиллари Эрон билан Ироқни идора қилган Салжуқийлар сулоласи вакили.
[21] Аҳмад Жом (1049–1142)–Хуросонлик машҳур ҳадис олими ва мутасаввиф шоир.
[22] ҳаким Саноий (1070–1140)–Ғазнавийлар сулоласи даврида яшаган йирик мутасаввиф шоир.
[23] Ғозонхон ибн Арғунхон ибн Ҳулогухон (1295–1304) йилларда Эрон, Озарбайжон ва Ироқни идора қилган, тарихда Элхонийлар номи билан машҳур бўлган мўғул сулоласи вакили. Ислом динини қабул қилиб, қатор ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар ўтказган.
[24] «Туркистонлик кофирлар...»–бу ерда Мовароуннаҳр, Эрон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатларни истило қилган (XIII аср) Чингизхон қўшинлари назарда тутилган.
[25] Шайх Иброҳим Ҳамавий–хуросонлик йирик шайх Садриддин Иброҳим назарда тутилмокда.
[26] Улжайту Султон (1304–1317)–Элхонийлардан. Мусулмон бўлгани учун Султон Муқаммад Худобанда номи билан танилган.
[27] 1304 йил назарда тутилмоқда.
[28] Ташаҳхуд (араб. гувоҳлик)–Оллоҳнинг ягоналиги ва Муҳаммад пайғамбарнинг элчилигини билдирувчи диний ибора; ислом динидаги 5 асосий арконнинг биринчиси; кўпинча «калимаи шаҳодат» дейилади.
[29] Султония–Элхон Улжайтухон қурдирган шаҳар, Ҳулогуийлар пойтахти.
[30] Имом Шофиъий–суннийликда шофиъийлик мазҳабининг асосчиси ва бош имоми, фақиҳ. Асли исми Абу Абдуллоҳ (767–820).
[31] Имоми Аъзам (улуғ имом)–суннийликдаги тўрт мазҳабдан бири ҳисобланган ҳанафийлик мазҳабининг асосчиси. Асл исми Абу ҳанифа Нуъмон ибн Собит (699–767).
[32] Макруҳ (араб.–рад этилган, қораланган, номақбул)–шариат ҳукмларидан бири (фарз, мандуб, мубоҳ, ҳаром билан бирга). қатъиян тақиқ қилинмаган, лекин номақбул ҳисобланган ва рад этилган амаллар макруҳ ҳисобланган, бундай хатти-ҳаракат учун жазо белгиланмаган.
[33] Аҳли байт–Муқаммад пайғамбар хонадонига мансуб, умуман эса, яқин кишилар тушунилади.
[34] Воқеалар дафтари–подшоҳликда ҳар куни бўлиб турадиган воқеалар ёзиб борилган махсус дафтар, кундалик. Асар матнида «Дафтари вақое». «Темур тузуклари» асари қатор шарқ қўлёзмалари каталогларида «Вақое», «Воқеот» деб ҳам номланган. «Бобурнома» асари ҳам кўпгина шарқ қўлёзмалари каталогларида шу ном билан келтирилган.
Амир Темур санъатни юксак қадрлар эди. Унинг ўзи бадиий асарлар мажмуасига эга эди. Турли тоифадаги машшоқлар, сухандонлар, хайкалтарошлар. боғбонлар, рассомлар жаҳоннинг ҳар хил давлатларидан Амир Темур саройига тўпланган эдилар. (Хильда Хукхэм)