Шом шаҳарларини забт этганимдан кейин ва Мисру Шом подшоси Малик Фараж жанг майдонини ташлаб қочгандан сўнг, Румга юборган элчим Йилдирим Боязиднинг тескари жавобини олиб келди. Лекин (Боязид) Миср ва Шом лашкари мендан енгилганини эшитгач, ўйланиб қолгани ва саросимага тушиб, шошилинч равишда юришга тайёргарлик кўра бошлаганини ҳам айтди. Мен эса кенгашиб Дамашқ шаҳрини олиб, Шом вилоятларини бўйсундиргач, Мосул[1] йўли билан Бағдодга қараб юрдим. Бу билан қайсарнинг менга қарши уруш қилиш нияти бор-йўқлигини билиб олмоқчи бўлдим.
Табриз тарафга қараб борар эканман, амирзодалардан баъзиларини кўп сонли лашкар фавжлари билан Бағдод устига жўнатдим. Бу вақтда Бағдод ҳокими Султон Аҳмад Жалойир шаҳарни ва унинг қалъасини қўрикдашни навкари Фаражга топшириб, ёнига кўп одамларни қўшиб берганди. Амирзодалар Бағдодга етиб, шаҳарни қуршаб олдилар. Иш уруш қилишга бориб тақалгач, (чопар орқали) бор ҳақиқатни менга арз қилдилар. (Бу хабарни) эшитиб ўзим Бағдодга бориб, шаҳар ва қалъани озод этишга қарор бердим. Табриз йўлидан орқага қайтиб, юриш билан Бағдодга келдим ва эҳтиёткорлик билан ҳарбий ҳийлалар ишлатиб, қалъани қўлга олишга киришдим. Қамал муддати икки ойу ва яна бир неча кунга чўзилгандан кейингина қалъа билан шаҳар ишғол этилиб, ғалаба қозонилди[2]. Қалъа бошлиғи Фараж Дажла дарёсида ғарқ бўлди. Мен шаҳарга кирдим ва барча бебош, бузуқи кишиларни қатл этишни, қалъа ва иморатларни бузиб ер билан баробар қилишни буюрдим.
Бағдоддан кейин Озарбайжонга келдим ва ўша ерда бир қанча вақт туриб қолдим. Шу аснода Қайсарнинг Ҳалаб, Ҳумс ва Диёрбакр[3] вилоятларига лашкар фавжларини юборгани ва мендан қочиб унинг паноҳига кирган Крра Юсуф эса қароқчилар бошлиғига айланиб, айниқса, икки муқаддас шаҳар[4] зиёратига қатновчиларнинг карвонларига кўп зарар келтираётганлиги хабари қулоғимга чалинди. Бунинг устига ўша тарафлардан бир жамоат кишилар келиб, улар ҳам Қора Юсуфнинг жабр-зулмидан арз қилдилар. Шунинг учун унинг жазосини бериб, қайсарнинг кўзини ғафлат уйқусидан очиб қўйишим лозим кўринди. Бу хусусда маслаҳатни шундан топдимки, ҳар бир шаҳар ва қабиладан лашкар тўплаб, қайсарнинг устига ёпирилиб боргайман. Лашкарлар жам бўлгандан кейин ҳижрий 804 йилнинг ражаб ойида (милодий 1402 йил февралида) Озарбайжондан чиқиб, унга қарши жанг қилиш учун йўлга тушдим. Ўзимдан илгари лашкаримдан бир неча фавжини Рум мамлакати устига тўсатдан босқин қилишга тайин этдим. Яна бир неча фавжга эса йўлимиздаги тўхташ манзилларини кўздан кечириб, озиқ-овқатни ҳозирлаб туришни буюрдим. Ўзим Анкурия[5] йўли билан юриш қилдим. қайсар тўрт юз минг отлиқ ва пиёда аскари билан менга қарши юзланди. Урушни бошладим ва уни енгдим[6]. Қайсарни лашкарбошиларимдан бири қўлга тушириб, ҳузуримга келтирди.
Етти йиллик юришдан сўнг зафар ва нусрат билан Самарқандга қайтдим[7].
[1] Мосул–араб Ироқининг шимолидаги катта шаҳар, Жазира ўлкасининг маркази.
[2] «Зафарнома» муаллифи Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Амир Темур 1401 йил 9 июлда Бағдодни иккинчи маротаба эгаллаган.
[3] Диёрбакр–Шарқий Анатолиядаги шаҳар, ҳозир Туркиянинг жануби-шарқида.
[4] Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага берилган фахрли ном.
[5] Анкурия–Ҳозирги Анқара шаҳрининг ўрта асрлардаги номи.
[6] Бу жанг 1402 йилнинг 20 июлида Анқара остонасидаги Чимбукобод мавзеида Амир Темурнинг Боязид Йилдирим устидан қозонган тўла ғалабаси билан якунланган. (–А.А.)
[7] Амир Темурнинг ҳарбий Эрон, Озарбайжон, Кичик Осиё ва Сурияга қилган етти йиллик ҳарбий юриши 1399–1404 йилларда рўй берган. Амир Темур 1404 йил август ойида Самарқандга қайтган. (–А.А.)
Амир Темур санъатни юксак қадрлар эди. Унинг ўзи бадиий асарлар мажмуасига эга эди. Турли тоифадаги машшоқлар, сухандонлар, хайкалтарошлар. боғбонлар, рассомлар жаҳоннинг ҳар хил давлатларидан Амир Темур саройига тўпланган эдилар. (Хильда Хукхэм)