Ажам Ироқи[1] ва Форсни забт этганимдан кейин, қутб ул-ақтоб[2] пиримдан менга қуйидаги мазмунда мактуб келди: «(Эй), Араб Ироқи ва Ажам Ироқининг буюк фотиҳи, (Оллоҳ) сенга (иккинчи) Ироқни ҳам такдим этди!».
Бағдодни забт этиш учун даставвал султон Аҳмад Жалойир[3] ҳузурига Бағдод волийси лашкарларининг қай аҳволда эканлиги, юриш-туриши, қудрати ҳақида маълумотлар олиб келиш учун элчи юборишга кели-шилди. Элчи Бағдоддан менга: «Султон Аҳмад икки кўзли бир бўлак гўшт экан», –деган мазмунда хат юборди. Мен Тангрининг иноятига суяниб, (Бағдод устига) қараб юрдим ва тез фурсатда Бағдодга етиб бордим. Султон Аҳмад Жалойир жонининг омонлигини афзал кўриб, Карбало томонга қараб қочди. Шу билан Доруссалом Бағдод менга бўйсунди[4].
[1] ...Ажам Ироқи (Ироқи ажам)–ажамликлар, яъни араб бўлмаган халклар истиқомат қилиб турган Ироқ (қадимги Мидия), Эроннинг Ироқ билан чегарадош ғарбий ерлари, Месопотамияга туташ жойлар тушунилади.
[2] Қутб ул-ақтоб–«қутблар қутби». Улуғ мартабали шайхлар, дин пешволари ва валийларга бериладиган фахрли ном. Бу ерда Мир Саййид Барака назарда тутилган, дея тахмин қилиш мумкин.
[3] Султон Ақмад Жалойир–1382–1410 йилларда Ироқ, Курдистон ва Озарбайжонда ҳукмронлик қилган.
[4] Бу ерда Бағдоднинг Амир Темур томонидан 1393 йил сентябрь ойи охирида биринчи марта забт этилиши назарда тутилган. Султон Аҳмад Жалойир Мисрга қочиб, мамлуклардан бўлмиш Сайфиддин Барқуқ (1382–1399) саройидан паноҳ топган эди. Кейинчалик 1401 йил 20 июнида Амир Темур иккинчи марта Бағдодни фатҳ этган. (–А.А.)
Саййидлар, олимлар, фақиҳлар ва билим эгалари, шунингдек, уйғур бахшиларию форс адиблари Соҳибқиронга сафарда ҳам, уйда ҳам узлуксиз мулозимликда бўлган эканлар. Фармонга мувофиқ улардан бир гуруҳи мунтазам (равишда) ул Ҳазратнинг юриш-туриши ва гап-сўзларида, мулк, миллат ва аркони давлат аҳволида нимаики гап бўлса, тўла-тўкис ёзиб борардилар. Бу ишда муболаға қилинмасин, деб алоҳида таъкидлаб буюрилган эди. Шу йўсинда туркий манзума ва форсий қисса, ҳар бири ул Ҳазратнинг юриш-туришидаги энг йирик (воқеаларни) қамраб олган назм ва наср қаламига олинган эди. (Шарафуддин Али Яздий)