Шерозни Музаффарийларга қолдириб, Исфаҳонда эса уч минг одамимни тайинлаб, ўзим Тўхтамишхонни даф этиш учун Дашти К.ипчоққа лашкар тортиб борганимда, Исфаҳон аҳолиси даруғани ўлдирди. Шу вақтнинг ўзида Шероз аҳолиси ҳам менга бўйсунмай қўйган эди. Шу сабабдан, уларни жазолаш мақсадида яна Ироққа юриш қилишга тайёрлана бошладим. Саксон минг отлиқ аскар тўпладим. Лекин бу катта лашкар билан бир йўла Ироқ ўлкасига кирсам, у ерга сиғмай қолиши мумкинлигини эътиборга олиб, лашкаримни фавжларга бўлиб, уларни Ироқ мамлакатини забт қилишга бирин-кетин юбориш керак, деган қарорга келдим.
Шундан сўнг, лашкаримни уч фавжга бўлдим ва ўзимдан олдинда боришни буюрдим. Ироқнинг ҳар ер-ҳар ерида тўпланган ғаним аскарларининг ҳаммаси тарқалиб кетди. Сўнг Шероз устига лашкар тортдим. Шоҳ Мансур[1] жанг майдонида мен билан тўқнашиб, жазосини топди.
[1] Шоҳ Мансур–Музаффарийлар сулоласидан. 1387–1393 йиллари Форс, Исфаҳон ва Ироқи Ажамни идора қилган ҳукмдор. 1393 йил 26 апрелда жангда ўлдирилган.
Саййидлар, олимлар, фақиҳлар ва билим эгалари, шунингдек, уйғур бахшиларию форс адиблари Соҳибқиронга сафарда ҳам, уйда ҳам узлуксиз мулозимликда бўлган эканлар. Фармонга мувофиқ улардан бир гуруҳи мунтазам (равишда) ул Ҳазратнинг юриш-туриши ва гап-сўзларида, мулк, миллат ва аркони давлат аҳволида нимаики гап бўлса, тўла-тўкис ёзиб борардилар. Бу ишда муболаға қилинмасин, деб алоҳида таъкидлаб буюрилган эди. Шу йўсинда туркий манзума ва форсий қисса, ҳар бири ул Ҳазратнинг юриш-туришидаги энг йирик (воқеаларни) қамраб олган назм ва наср қаламига олинган эди. (Шарафуддин Али Яздий)