Амр этдимки, фатҳ этилган ҳар бир мамлакатдаги сипоҳийлар (ўз ихтиёрлари билан) паноҳимга келсалар, уларни навкар қилиб, (аскарларим сафидан) жой берсинлар. У диёрнинг раиятини ёмон ҳодисалардан, қатл ва асиру банд этилишдан, таланишдан муҳофаза қилсинлар. Уларнинг мол-мулкини, буюмларини талон-торождан сақласинлар. Ўша мамлакатдан тушган ўлжа моллар эгаларига қайтариб берилишини текширсинлар.
Саййидлар, уламо, машойих, фузало, акобир ва улуғларни азиз тутсинлар. Беклар, оқсоқоллар, деҳқонлар[1] ва экин майдонларига ишлов берувчилар кўнглини хушнуд этиб, ўзларига қаратсинлар. Раиятни умид ва қўрқинч орасида тутсинлар. Гуноҳлари ва қилмишларига яраша жазоласинлар. Менга бўйсунган мамлакатларнинг саййидлари, олимлари, шайхлари, фозил кишилари, дарвишлари, зоҳидларини суюрғол, вазифа ва ойлик билан сийласинлар. Фақиру мискин, ногиронларга нафақа тайин қилсинлар. Мударрислар ва шайхларга кундалик маошлар белгиласинлар.
Авлиёлар, дин пешволарининг мозорлари ва мақбараларига вақфдан маблағ ажратсинлар. У ерларни палос, таом ва чироқ билан таъминласинлар. Биринчи навбатда амир ал-мўминин, мард кишилар шоҳи Али ибн Абу Толибнинг, унга Оллоҳнинг карами ва эҳсони бўлсин, муқаддас қабрларини яхши сакдаш учун Нажаф билан ҳиллани вақф этиб берсинлар. Имом Ҳусайннинг, Оллоҳ ундан рози бўлсин, нурга чўмган муқаддас мозори, авлиёлар улуғи шайх Абдулқодир Жилонийнинг[2] муқаддас қабри, имоми аъзам Абу ҳанифанинг, унга Оллоҳнинг раҳмати бўлсин, мақбарасини, Бағдодда нурга чўмган бошқа машойихлар, дин пешволари, улуғларнинг мозорларини яхши сақлаш учун баҳоли қудрат Карбало, Бағдод ҳамда уларнинг атрофидаги қишлоқлар ва бошқа жойлардан вақф сифатида ер-сув ажратсинлар. Имом Мусо Козим[3], имом Муҳаммад Нақий[4], Салмон Форсийларнинг[5] нурли равзалари учун эса Жазоир[6] экин майдонларидан ва Мадоин[7] даромадидан вақф белгиласинлар. Имом Али ибн Мусонинг[8] табаррук равзалари учун Кутаҳбаст ва Тус шаҳри атрофидаги ерлардан вақф ажратсинлар ва палос, чироқ ҳамда кундалик емиш-ичмишлар белгиласинлар. Шунингдек, Эрон ва Турондаги шайхларнинг мозорлари ва қабрлари учун ҳар бирига алоҳида, номма-ном назру вақфлар ажратсинлар.
Яна буюрдимки, ҳар бир мамлакат фатҳ этилгач, у ернинг гадоларини тўплаб, кундалик емиш-ичмишлар билан таъминлаб, уларга бирон иш берсинлар. Ҳамда барчаси тамғалансинлар, токи бошқа гадолик қилмасинлар. Агар тамғадан кейин ҳам гадолик қилгудек бўлсалар, уларни узоқ мамлакатларга сотиб юборсинлар ёки ҳайдасинлар. Шундагина гадо зоти мамлакатимдан йўқолади.
[1] Деҳқон–бу ерда ер эгаси маъносида.
[2] Абдулқодир Жилоний–йирик мутасаввиф олим; қодирия тариқатининг асосчиси (1166 й. вафот этган).
[3] Имом Мусо Козим–шиаларнинг еттинчи имоми (799 й. вафот этган).
[4] Имом Муҳаммад Нақий–шиаларнинг ўнинчи имоми.
[5] Салмон Форсий–Муҳаммад пайғамбарнинг форс саҳобаси (655 й. вафот этган).
[6] Жазоир (бирлиги–Жазира)–Ироқнинг шимоли. (–А.А.)
[7] Мадоин–Бағдод таркибига кирган етти қишлокдан бирининг номи. (–А.А.)
[8] Имом Али ибн Мусо–шиаларнинг саккизинчи имоми (821 й. вафот этган).
Саййидлар, олимлар, фақиҳлар ва билим эгалари, шунингдек, уйғур бахшиларию форс адиблари Соҳибқиронга сафарда ҳам, уйда ҳам узлуксиз мулозимликда бўлган эканлар. Фармонга мувофиқ улардан бир гуруҳи мунтазам (равишда) ул Ҳазратнинг юриш-туриши ва гап-сўзларида, мулк, миллат ва аркони давлат аҳволида нимаики гап бўлса, тўла-тўкис ёзиб борардилар. Бу ишда муболаға қилинмасин, деб алоҳида таъкидлаб буюрилган эди. Шу йўсинда туркий манзума ва форсий қисса, ҳар бири ул Ҳазратнинг юриш-туришидаги энг йирик (воқеаларни) қамраб олган назм ва наср қаламига олинган эди. (Шарафуддин Али Яздий)